КОРРУПЦИЯСИЗ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ: ФАРЗАНДЛАР КЎЗИГА ЁРУҒ ЮЗ БИЛАН БОҚИНГ!

Тараққиёт йўлига жиддий тўсиқ бўлиб, жамият ривожи, соҳалар юксалишига бевосита таҳдид туғдирадиган асосий иллат бу – коррупциядир. Шу боис мамлакатимизда бу дардга қарши кураш чораларини кучайтириш, уни таг-томири билан йўқотиш, бу борадаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилиб келинди.

Бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида 2016 йил 24 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси ўша пайтда мамлакат президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан киритилган «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонунни биринчи ўқишдаёқ қабул қилганди ва бу Қонун 2016 йил 13 декабрда Сенат томонидан маъқулланганди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонунни имзолади ва қонун 2017 йил 4 январдан кучга кирди.

Қонун коррупцияга қарши кураш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишларини келтириб ўтади.

Энди коррупция, яъни порахўрлик, мансабдан фойдаланган ҳолда қонунни суистеъмол қилиш, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик асосида давлат ташкилотларида иш ташкил қилиб, истеъдодли кадрларнинг ўсишига тўсиқ бўлиш, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг давлат томонидан қонун билан кафолатланган ҳолда берилган ҳуқуқларини бузиш, ўз вазифаси бўйича белгиланган мажбуриятларини бажаришни пайсалга солиб, таъмагирлик қилиш каби ҳолатларда бундай қабиҳликларни амалга оширганлар учун давлатнинг қатъий жазоси муқаррарлиги аниқ-равшан белгиланди.

Кучли фуқаролик жамияти сари қадам қўйиб бораётган Ўзбекистонимиз ҳаётида бу Қонуннинг амалга татбиқ этилиши тараққиёт ривожига катта ҳисса қўшувчи омил бўлиши шубҳасиз.

Шу мақсадда Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тизимда мансабдорлик жиноятлари содир этилишининг олдини олишга қаратилган амалий механизмларни жорий этиш мақсадида “Мактабгача таълим тизими ходимлари томонидан мансаб ваколатини суистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятлар содир этилишининг олдини олиш тартиби тўғрисидаги Низом” Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирининг 2018 йил 18 январда 13-сон буйруғига кўра тасдиқланди. Ушбу буйруқнинг 4-бандида “Мактабгача таълим методикаси” журнали таҳририятига ҳам порахўрлик ва тизимдаги бошқа мансабдорлик жиноятларининг олдини олишга қаратилган турли хил тарғибот материаллари тайёрлаб, ҳудудлардаги МТМларга етказиш вазифаси қўйилган эди. Ушбу буйруқ ижросига кўра “Мактабгача таълим методикаси” журнали таҳририяти жамоаси томонидан “Коррупциясиз мактабгача таълим: фарзандлар кўзига ёруғ юз билан боқинг!” шиори остида тарғибот буклети ва плакати тайёрланиб, МТМларга бепул тарзда етказиб берилди.


Охирги ўзгариш вақти: 20 July 2018   Кўрилганлиги: 21
 
Матнни ўқиш учун ушбу тугмани босинг